Ўзбекистон

🠔 ОРТГА

Ҳукумат сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари устидан назоратни кучайтиришни давом эттирди. Фаоллар, блогерлар ва мустақил журналистлар коррупция ва инсон ҳуқуқлари бузилишлари, жумладан, уй-жой ва меҳнат ҳуқуқлари бузилишлари бўйича айбловлар ҳақида хабар берганликлари учун сиёсий сабаблар билан айбланиб, таъқибга учрадилар. Қийноқлар ва бошқа шафқатсиз муомалалар кенг тарқалган бўлиб, жиноий жавобгарликда гумон қилинганлар учун жазосиз қолиш эса одатий ҳол бўлиб қолмоқда. ЛГБТИ шахслар қўрқитиш, жисмоний тажовуз, ижтимоий тармоқларда туҳмат қилиниш ва сохта жиноий айбловлар орқали ўзбошимчалик билан ҳибсга олинишга дуч келдилар. Мажбурий кўчириш ва экспроприация қурбонларининг кўпчилигига натижавий ҳуқуқий ҳимоя тақдим этилмаган.

Қисқача маълумот

Октябр ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида чинакам сиёсий мухолифат партиялари қатнашмади. Ҳукмрон партия кўпчилик ўринларни қўлга киритди.

🠕 ЮҚОРИГА

Фикр эркинлиги

Ҳукумат сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари устидан назоратни кучайтиришда давом этиб, барча чинакам мустақил нашрларни деярли ёпиб қўйди. Эркин оммавий ахборот воситалари мавжуд бўлмаганлиги сабабли, блогерлар ва ижтимоий тармоқлар шарҳловчилари коррупция, инсон ҳуқуқлари бузилишлари ва бошқа сиёсий нозик мавзулар ҳақидаги даъволар ҳақида хабар берганликлари учун сиёсий сабаблар билан айбланиб, таъқибга учрадилар. Уларнинг камида 10 нафарига интернет тармоқларида президентга туҳмат қилиш ва уни ҳақорат қилиш айблов ҳукми чиқарилди, баъзиларига эса ҳаттоки товламачилик ва фирибгарлик ҳақида ҳам айб қўйилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро нодавлат ташкилотларнинг қонуний мониторинг ва ҳисобот бериш фаолиятига нисбатан чекловларга ўсиб борди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва фаоллари ҳам қўрқитиш, таъқиб ва ҳужумларга дуч келишди. Фаоллар Умида Ниёзова ва Шарифа Мадраҳимова апрель ойида ҳукумат тарафдори бўлган блогер ва бир номаълум шахс томонидан таҳдид ва жисмоний тажовузга учради. Ҳужумчилар бу икки аёлни пахта етиштириш жараёнини кузатаётган ва Индорама Агро пахта ширкатидаги фермерлар ва ишчилар билан меҳнат низолари бўйича суҳбат ўтказаётган пайтда тўхтатмоқчи бўлишган. Полиция блогер ва унинг шеригига қарши айблов қўйишдан бош тортди. Орадан кўп ўтмай, блогер ижтимоий тармоқларда Умида Ниёзовани Ўзбекистон обрўсига путур етказаётганликда айблади.

Июль ойида ЕХҲТ мутахассислари Ахборот кодексининг энг сўнгги қайта кўриб чиқилган лойиҳасида сўз эркинлигига нисбатан чекловлар мавжудлигидан хавотирда эканликларини билдирдилар. Бу лойиҳа “сепаратизм” ва “диний экстремизм”ни тарғиб қилувчи, ҳамда давлат ва жамиятга нисбатан ҳурматсизликни намойиш этувчи маълумотларни тарқатишни тақиқлаш каби ўта кенг ва камситувчи чекловларни ўз ичига олади. Кодекснинг декабрь ойининг охирида қабул қилиниши кутилаётган эди.

Июль ойида тожик миллатига мансуб журналист Салим Иномзода 2022 йилда Facebook тармоғида тожик миллий қўшиғини репост қилганлиги учун “жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи маълумот” тарқатганликда айбланиб, ҳибсга олинди ва расмийлар уни “сепаратист” деб номладилар. У саккиз йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Ноябрь ойида имзоланган “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунга киритилган янги ўзгартиришлар ҳукуматга Ўзбекистон халқининг шаъни, маданияти, қадр-қиммати, анъаналари ва тарихини таҳқирловчи ҳаракатлар содир этган ҳар қандай чет эл фуқароcини Ўзбекистон Республикасида бўлиши “номақбул” деб топилган шахслар рўйхатига киритишга ҳуқуқ беради. Жазолар қаторига жарималар ва мамлакатга киришни беш йилга тақиқлаш киради.

🠕 ЮҚОРИГА

Уюшма эркинлиги

Февраль ойида Олий суд Қорақалпоғистон автоном республикасининг мустақиллиги тарафдори бўлган, рўйхатдан ўтмаган “Алға Қорақалпоғистон” сиёсий мухолифат партиясини “экстремистик” деб топди ва уни тақиқлади.

30 май куни суд Парахат Мусапбаровни “Алға Қорақалпоғистон”га аъзоликда айблаб, олти йилга озодликдан маҳрум қилди. Айблов фақат унинг тергов ҳибсхонасида мажбуран “иқрор бўлганлиги” (кейинчалик судда ундан воз кечган), ҳамда қўшни Қозоғистонда яшаб, ижтимоий тармоқларда ёзган изоҳларига асосланган.

Қийноққа солиш ва шафқатсиз муомала

Қийноқлар ва бошқа шафқатсиз муомалалар кенг тарқалган бўлиб, жиноий жавобгарликда гумон қилинганлар учун эса жазосиз қолиш одатий ҳол бўлиб қолди. Бош прокуратуранинг қийноқлар ва қамоқда сақлаш шароитларини мониторинг қилишнинг мустақил механизмларини яратиш ҳақидаги таклифлари бўйича ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмади. Ҳукумат қатор халқаро мониторинг органларига ваъда қилган тегишли ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишни орқага суришда давом этди.

2022 йилда Қорақалпоғистонидаги намойишларнинг зўравонлик билан бостирилиши, жумладан, ҳибсга олинган ўнлаб намойишчиларнинг қийноққа солинганини текшириш учун тузилган парламент комиссияси ниҳоят декабр ойида парламентга ҳисобот тақдим этди. Ҳисоботнинг тўлиқ матни йил охиригача эълон қилинмади. Ҳукумат халқаро мустақил тергов ўтказиш талабларини эътиборсиз қолдирди.

Август ойида ҳуқуқ ҳимоячилари қорақалпоғистонлик ҳуқуқшунос ва муҳаррир Даулетмурат Тажимуратовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида хабар беришган эди. У 2022 йил июль ойидаги норозилик намойишларидаги роли учун ўтказилган адолатсиз суд жараёнидан кейин 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Қамоқхонада уни кўришга борган онасининг сўзларига кўра, у оҳак заводида хавфли шароитда ҳеч қандай ҳимоя кийимисиз ишлашга мажбур бўлган, кўп вазн йўқотган, овқат ейиши ва нафас олиши қийинлашган, ҳамда қўллари ва юзида тошмалар пайдо бўлган. Расмийлар зарур тиббий ёрдам кўрсатмаган ва у ўз адвокати ва оиласи билан учраша олмаган.

🠕 ЮҚОРИГА

Уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқи

Август ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТнинг уй-жой ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиcи уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқи ҳақидаги қонун ва унинг амалга оширилиши ўртасида катта тафовут мавжудлигидан огоҳлантирди. Унинг таъкидлашича, “суд мустақиллиги муаммо бўлиб қолмоқда” ва “якка тартибда иморат қурувчилар ва яшовчилар билан боғлиқ ишларнинг аксарияти якка тартибда иморат қурувчиларнинг фойдасига ҳал қилинаётганга ўхшайди”. Махсус маърузачи, шунингдек, мажбурий кўчириш қурбонлари, уй-жой ҳуқуқлари ҳимоячилари, ҳуқуқшунослар, ва уй-жойларнинг ўзбошимчалик билан бузилиши ҳақида хабар берган блогер ва журналистлар қўрқитилаётгани, таъқиб қилинаётгани ёки шубҳали асослар билан ҳибсга олинаётганидан хавотирда эканлигини билдирди.

Шаҳар қурилишида инсон ҳуқуқлари бузилишининг ашаддий танқидчиси ва мажбуран кўчирилган жабрдийдаларнинг ҳимоячиси бўлган Шоҳида Саломовани 5 январь куни суд очиқ касалхонадан ёпиқ психиатрия шифохонасига ўтказишга қарор қилди. Унга қариндошлари ва адвокати билан боғланиш тақиқланди ва унга нисбатан мажбурий тиббий муомала қўлланилди. У 2022 йилда президент ва унинг оиласини ижтимоий тармоқларда коррупцияда айблагани учун психиатрия муассасасига жойлаштирилган эди. Махсус маърузачи Шоҳида Саломова билан учрашишга рухсат берилмаганидан афсусда эканини айтди ва унинг руҳий ҳолатини баҳолаш учун мустақил халқаро тиббий комиссия тузишга чақирди.

🠕 ЮҚОРИГА

ЛГБТИ шахсларнинг ҳуқуқлари

ЛГБТИ шахслар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва хусусий шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар хавфи остида қолишда давом этди. Улар қўрқитиш, жисмоний тажовуз, ижтимоий тармоқларда туҳмат қилиш ва сохта жиноий айбловлар билан ўзбошимчалик билан ҳибсга олишга дуч келишди.

Ҳукумат эркаклар ўртасидаги консенсуал жинсий алоқаларни жиноят деб ҳисоблашни тўхтатишни рад этишда давом этди. Апрель ойида БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмитасига жавобан ҳукумат бундай муносабатларни жиноят деб ҳисоблашни тўхтатиш “Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқининг анъаналари, оила институти қадриятлари ва миллий урф-одатларга” зид эканини таъкидлади.

Ҳукумат, шунингдек, “гомосексуализм тарғиботи”нинг хавфи ҳақида огоҳлантирди ва жинсий ориентация ва гендер идентификацияси “оила институти қадриятлари”га зид бўлганлиги сабабли, камситишларга қарши қонун ҳужжатларига ҳимояланган хусусиятлар сифатида киритилиши мумкин эмаслигини таъкидлади.

🠕 ЮҚОРИГА

Соғлом муҳитда яшаш ҳуқуқи

Ўзбекистон иқлим ўзгариши, қишлоқ хўжалиги мақсадларида сувдан ортиқча фойдаланиш, чўлланиш ва ҳавонинг ифлосланиши оқибатларига қарши ҳимоясизлигича қолди.

Пойтахт Тошкент шаҳри дунёнинг энг ифлосланган 10 та шаҳри қаторига кирди. Жаҳон банкининг тадқиқоти шуни кўрсатдики, Тошкент аҳолисининг 83 фоизи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсия қилган даражадан олти баробар юқори ҳаво ифлосланишига йўлиқади. Бу ҳар йили тахминан 3000 эрта ўлимга олиб келади. Қурилиш майдончалари ва йўллардан чиққан чанглар ҳаводаги ифлослантирувчи моддаларнинг ярмидан кўпини ташкил қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев чўлланиш жараёнини секинлаштириш мақсадида қурғоқчил ҳудудларда, жумладан, Орол денгизининг қуришидан айниқса жабр кўрган Қорақалпоғистонда қурғоқчиликка чидамли уруғларни экиш дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди.