- Amnesty Internationalнинг асоссиз ҳибсга олишлар бўйича кампаниясига қарийб 50 янги маҳбус қўшилди. Натижада ҳибсга олинганларнинг умумий сони 120 га етди
- Ҳибсга олинганларнинг оила аъзолари адолатсизлик ва давомли айрилиқ қўрқинчи ҳақида айтиб берадилар
- БМТ Олий комиссари Шинжонга яқинда буюрган ташрифига қарамасдан, вазият бўйича ҳалигача баёнот бергани йўқ
Amnesty International бугун Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном туманида ҳибсга олинган 48 этник уйғур ва қозоқларнинг қариндошларининг юракни ларзага солувчи янги гувоҳликларини эълон қилди ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарини чора кўришга яна бир бор чақирди.
Олий комиссар Мишель Бачелет Шинжондаги жиддий инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги узоқ муддатдан бери кутилаётган ҳисоботни ҳалигача нашр этгани йўқ ва минтақадаги Хитой ҳукумати томонидан содир этилаётган қонунбузарликларнинг қанчалик жиддий эканлигини давомли равишда эътироф этмай келяпти. Ушбу сусткашлик сабабли БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг шу ҳафтадаги яна бир сессиясининг БМТнинг Шинжон бўйича хулосаларини муҳокама қила олмай ёпилиши жуда ачинарлидир.
Amnesty International томонидан тўпланган янги гувоҳликлар “Шинжон маҳбусларини озод қилинг” кампаниясининг бир қисми бўлиб, эндиликда Шинжонда Хитойнинг катта кўламдаги қамоқҳона тизимлари ва интернлаш лагерларига тушган 120 киши ҳақида ҳикоя қилади.
“Ушбу оилаларинг гувоҳликлари Шинжонда содир бўлаётган инсониятга қарши жиноятга тенг даҳшатлар ҳақида тушунча беради. Кўпчилик бир неча оила аъзолари ҳибсда эканлигини айтадилар. Бу маълумотлар зўравонликларнинг қанчалик катта кўламда юз бераётганини кўрсатади. Бир киши ўзининг 40 қариндоши ҳибсга олинганини айтди”, деди Amnesty International бош котиби Агнес Калламард.
Ушбу оилаларинг гувоҳликлари Шинжонда содир бўлаётган инсониятга қарши жиноятга тенг даҳшатлар ҳақида тушунча беради
Агнес Калламард, Amnesty International бош котиби
“Шинжондаги дистопия жаҳаннамига нисбатан муносабатини ифодаловчи БМТнинг сусткашлиги 2017 йилдан бери давом этиб келаётган Шинжондаги асосан мусулмон бўлган этник озчиликларга қарши Хитой ҳукумати томонидан олиб борилаётган оммавий қамоққа олиш, қийноққа солиш ва таъқиб қилиш кампанияси қурбонлари ва омон қолганларни янада кўпроқ ҳақорат қилади. Биз Хитой ҳукуматини кенг кўламли интернлаш лагерларини йўқ қилишга; асоссиз ҳибсга олишларни, қамоқхоналарда ёки бошқа жойларда бўлсин зулм ва зўравонликларни тўхтатишга; ва Шинжондаги уйғурлар, қозоқлар ва бошқа этник озчиликларни таъқиб қилишни тўхтатишга чақиришда давом этамиз.”
“Хитой ҳукумати жавобгарликка тортилиши шарт. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида зудлик билан тақдим этилиши зарур бўлган ва узоқ муддатдан бери ортга сурилаётган ҳисоботни Олий комиссар Бачелет томонидан нашр қилиниши эса муҳим қадамдир. Бачелетнинг Шинжондаги инсониятга қарши жиноятларни ва бошқа жиддий инсон ҳуқуқлари бузилишини давомли эътироф этмай келаётганлиги адолат қарор топиши учун тўсқинлик қилмоқда. Шунингдек бу ҳолат БМТ тизимини ҳам уятга қолдиради.”
Хитой ҳукумати жавобгарликка тортилиши шарт
Агнес Калламард, Amnesty International бош котиби
Ажратиб ташланган оилалар
Amnesty International яқинда Туркияда 48 маҳбуснинг қувғиндаги қариндошлари билан юзма-юз суҳбат ўтказди. Улар ўз яқинлари қандай қилиб “терроризм” билан боғлиқ ёки бошқа – саёҳат қилиш ёки фарзандларининг чет элда ўқишлари учун пул тўлаш каби оддий – нарсалар учун сохта айбловлар билан ҳибсга олинганликлари ҳақида айтиб беришди. Бошқалар эса фақат дини ва миллати сабаблигина ҳибсга олинган кўринади.
Гулайша Ўралбай исмли қозоқ аёл ўзининг акаси – нафақадаги қозоқ журналист ва таржимон Дилшод Ўралбайга 2017 йили Хитой ҳукумати томонидан Қозоғистондан Шинжонга қайтишга кўндирилганидан кейин нима бўлганини айтиб берди. У Шинжонга қайтиши билан паспорти олиб қўйилган ва бир неча ойдан сўнг эса ўзи ҳибсга олинган.
“Ҳеч қандай суд бўлмади, улар уни қамоққа ташлашди ва 25 йилга [қамашганини айтишди]”, деди Гулайша. “[Акамнинг] ўзи ҳам қамалиш сабабини билмайди деб ўйлайман. Кимдир Қозоғистонга ташриф буюргани учун ва турли бошқа баҳоналар сабабли деб айтди; ҳеч қандай аниқ асос ва сабаб йўқ.”
Гулайша ва Дилшоднинг икки синглиси – Бахтигул ва Багила Ўралбайлар ҳам ҳибсда.
Абдулла Расул акаси Пархат Расул – уйғур фермер ва қассоб 2017 йилнинг май ойида қандай ҳибсга олингани ва интернлаш лагерига жўнатилгани ҳақида Amnesty Internationalга айтиб берди. Ўшандан бери унинг оиласи у билан тўғридан-тўғри боғлана олмаган, лекин 2018 бир ишончли манба Пархат 9 йилга озодликдан маҳрум этилгани хабарини берган.
Пархатнинг оиласи у фақат динга амал қилувчи мусулмон бўлганлиги ва хайрия ишлари билан шуғулланганлиги учунгина ҳибсга олинган деб ўйлайди. Яна оила аъзолари Пархатнинг рафиқаси Калбинур ва қайнонаси Паризод Абдугул ҳам қамоққа олинганини айтишди. Пархат ва Калбинурнинг 14 ва 16 ёшли икки қизи ва 11 ёшли ўғли бор.
“Улар [Хитой ҳукумати] бизнинг ўзлигимизни, маданиятимизни ва динимизни йўқ қилишни хоҳлашади“, дейди Абдулла Расул. “Умид қиламизки, ҳамма бизнинг ватанимизда нима бўлаётганини аниқ кўради.”
Медине Назими синглиси Мевлюде Ҳилолнинг овозини охирги марта 2016 йилнинг охирида эшитганини айтди. Мевлюде Туркияда таълим олар эди, аммо хаста онасига ёрдам бериш учун Шинжонга қайтганидан сўнг, 2017 йили интернлаш лагерига жўнатилган ва кейинчалик гўёки “сепаратизм” билан айбланиб, 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У турмушга чиққан ва кичкина қизи бор.
“Синглимни олиб кетишганда жияним Аиша бор-йўғи 1 ёшда эди”, деди Медине Amnesty International билан суҳбатда. “Биз шунчаки ўз кундалик ҳаётимизни яшар эдик ва бахтли эдик. Синглимни фақат битта сабаб – у уйғур бўлгани учун ҳибсга олишди.”
Синглимни фақат битта сабаб – у уйғур бўлгани учун ҳибсга олишди
Медине Назими, синглиси Мевлюде Ҳилолнинг
Шинжондаги вазият ҳақида гапираётган одамлар ўзларини катта хавф остига қўядилар; бир неча ҳибсга олинганларнинг оила аъзолари жамоатчиликка ошкор қилганликлари учун ҳукумат уларга таҳдид қилганини таъкидладилар.
Туркияда яшовчи уйғур бизнесмени ва фаоли Абдураҳмон Тоти ҳалқаро матбуотларга ўз аёли ва онасининг қамоққа олиниши ва отасиниг асоссиз ҳибсга олиниши ҳақида интервью берган. Унинг Amnesty Internationalга маълум қилишича, шундан сўнг Туркиядаги Хитой консуллиги у билан боғланган ва ўзининг ҳибсга олиниши ёки “автоҳалокат” сабабли ҳалок бўлиши мумкинлиги билан таҳдид қилган.
Далиллар етарлича
2017 йилдан бери Шинжонда уйғурлар, қозоқлар ва бошқа асосан мусулмон этник озчиликларга қарши “терроризм”га қарши кураш ниқоби остида Хитой томонидан олиб борилаётган репрессиялар ҳақида кенг қамровли далиллар мавжуд. 2021 йилда Amnesty International томонидан тайёрланган батафсил ҳисобот Хитой ҳукумати томонидан олиб борилаёган оммавий ҳибсга олиш, қийноққа солиш ва таъқиблар инсониятга қарши жиноят эканлигини намойиш этади.
Хитой ҳукумати ўзининг репрессив кузатув мамлакати эканлигидан фойдаланиб, бу ҳуқуқбузарликларни яширишга ҳаракат қилган, аммо маълумотлар Шинжондан ташқарида тарқалишда давом этмоқда. 2022 йилнинг май ойида бир неча халқаро оммавий ахборот воситалари ҳамкорлигида олиб борилган – Хитойнинг ички полиция тармоқларидан олинган нутқлар, расмлар, ҳужжатлар ва электрон жадвалларни ўз ичига олган – the Xinjiang Police Files номли текширув натижаларини нашр этилди.
“Далиллар сони ортиб бораётганига қарамасдан, Хитой ҳукумати ҳали ҳам Шинжондаги оммавий тарзда асоссиз ҳибсга олишлар ҳақида бутун дунёга ёлғон гапириб келмоқда”, дейди Агнес Калламард.
Далиллар сони ортиб бораётганига қарамасдан, Хитой ҳукумати ҳали ҳам Шинжондаги оммавий тарзда асоссиз ҳибсга олишлар ҳақида бутун дунёга ёлғон гапириб келмоқда
Агнес Калламард, Amnesty International бош котиби
“Amnesty International БМТнинг ўнлаб экспертларининг мустақил, холис ва халқаро механизм ўрнатиш зарурлиги ҳақидаги чақирувини қўллаб-қувватлайди. Бундай механизм Шинжонда Хитой ҳукумати томонидан содир этилган инсониятга қарши жиноят ва бошқа жиддий инсон ҳуқуқлари бузилишларини тергов қилиши зарур. Минглаб одамлар ҳанузгача асоссиз ҳибсга олинмоқда. Уларнинг оилалари ҳақиқат ва адолатни топишга, шунингдек айбдорларнинг жавобгарликка тортилишини кўришга лойиқдирлар.”
Бачелет зудлик билан маҳбуслар оила аъзоларининг талабларини кўриб чиқиши, шунингдек, ўзининг бошқармаси ушбу маҳбуслар ҳақида маълумот олишни осонлаштириш бўйича бирон-бир чора кўришга муваффақ бўлганлигини кўрсатиши керак.
МУҲАРРИРЛАР УЧУН ИЗОҲЛАР
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 50-сессияси давом этмоқда ва 8 июлда ниҳоясига етади. Бу Мишель Бачелетнинг Олий комиссар сифатида охирги сессияси бўлади; унинг мандати 2022 йилнинг 31 августида якунланади ва у иккинчи муддатга номзодини қўймаслигини маълум қилган.
Май ойининг охирида ўзининг узоқ кутилган Хитойга, шу жумладан Шинжонга, қилган қисқа ташрифи ортидан ўтказилган матбуот анжуманида, Бачелет Хитойда жиддий инсон ҳуқуқлари бузилишлари мавжуд эканлигини эътироф эта олмади. Унинг ташрифи сўнггидаги баёноти минтақадаги жавобгарлик мажбуриятини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни йўққа чиқарди ва аксинча, Хитой ҳукумати томонидан олиб борилаётган пропаганда таъсири остига тушиб қолгандай таассурот қолдирди. Кейинчалик у Шинжонга ташрифи давомида ҳеч қандай уйғур маҳбуслар ёки уларнинг оила аъзолари билан гаплаша олмагани ва ҳамма вақт ўзини давлат амалдорлари кузатиб борганини тан олди.